Марказий Осиё мамлакатларида сақланиб қолган анклавлар тизими ўтмишнинг ўзига хос меросига айланди. Қирғизистон ичида Ўзбекистонга тегишли Сох, Шоҳимардон, Чон-Ғора ва Жангаил ҳамда Тожикистонга тегишли Ворух ва Ғарбий Қаълача бор; Ўзбекистон ичида эса қирғизларнинг Барак ва тожикларнинг Сарвак анклавлари.
Собиқ иттифоқ қулаши билан анклавлар жойлашган мамлакат ва анклавнинг миллий аҳолиси ўртасида келишмовчиликлар бошланди. КХШТ ва ЕОИК доирасидаги ушбу тўқнашувлар “ёввойи” келишмовчилик сифатида қаралмоқда.
Анклавларнинг аксарияти Қирғизистонда жойлашган. Бишкекдаги ҳар бир раҳбарият ўзгариши билан янги ҳукумат қўшнилари билан чегара-ҳудудий зиддиятларни ҳал қилишга уринади. Жапаров ҳам шулар жумласидан. Март ойида Қирғизистон Ўзбекистон билан чегарани делимитация қилиш бўйича музокаралар муваффақиятли ўтгани ва ҳудудларни алмаштириш масалалари ҳал қилинганлиги ҳақида хабар берилган эди.
Аввалдан башорат қилинганидек, Бишкек ер олди, Ўзбекистон эса сув ва Сўхдаги халқига ёрдам берди. Тошкент музокараларда кўпроқ ўзини тийиб туриш позициясида бўлди, аммо маълум ютуқларга эришганини айтиш лозим.
Аммо, Қирғисизтон ва Тожикистон ўртасидаги Ворух анклави ҳали ҳам тортишувларга сабаб бўлмоқда. Мустақилликни қўлга киритгандан сўнг, можаролар янада оғирлаган ва Ворух ҳозирги пайтда бегона, деб ҳисобланган ҳудуд ичидаги анклавга айланган. Қуролли тўқнашувлар пулемёт ва миномётдан фойдаланиш даражасига етиб борган.
2018-2021 йилларда тожик-қирғиз чегарасида кичиклари ҳисобга олинмаганида 9 та йирик тўқнашув қайд этилди.
Душанбе учун Ворухнинг трансфери обрўсини йўқотиш билан тенгдир. Тожикистон томони Ворух Ариа ва Сўғдиёнанинг тарихий мероси эканлигини мунтазам равишда айтиб келади, шу сабабли бу макон фақат Тожикистонга тегишли бўлиши керак.
Контрабандачилар эса мавжуд муаммони янада кучайтирмоқда. Улар чегара чалкашликларидан фойдаланиб келмоқда.
2007 йилда Душанбе Боткен ва Лайлак туманларини ижарага олинган йўл билан боғлашга рухсат берди, аммо зиддият даражаси камаймади. Қарама-қаршиликнинг энг номақбул усули йўлларни тўсиш бўлди. Тожикистонликлар Исфан-Боткен йўлини, қирғизистонликлар Ворух-Исфар автомагистралини тўсиб қўйишди, шу билан Ворухнинг 35 минг аҳолиси гаровга олингандек бўп қолди.
Бишкек музокараларни тўхтатиб қўйди. Аммо, яқинда Тожикистон президенти Раҳмон “Ворух ҳеч қачон алмашилмайди, у Тожикистоннинг бир қисми бўлиб қолади. 19 йил давомида Ворухни бошқа ҳудуд билан алмаштириш масаласи бўлмаган ва бўлиши ҳам мумкин эмас” деб таъкидлади.
Собиқ иттифоқнинг бундай мероси азалдан бири бири билан ака-укадек яшаган Марказий Осиё миллатлари учун жуда оғир муаммоларни келтиришни давом этмоқда.