Седат Пекер томонидан жойлаштирилган еттинчи видео Туркияда катта резонанс берди. Ўтган ойда жойлаштирилган видео фақатгина унинг YouTube -даги каналида 14 миллиондан зиёд томоша қилинган.
Мамлакатнинг ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси (АТП) томонидан назорат қилинадиган гиёҳванд моддаларни етказиб беришнинг янги йўналишини эълон қилиб, Пекер, АТП аъзоси ва собиқ бош вазир Бинали Йилдиримнинг ўғли Эркам Йилдирим ҳамда собиқ ички ишлар вазири Меҳмет Агар ва ҳозирги ички ишлар вазири Сулаймон Сойлуни кокаин бизнесига алоқадарлигини айтган.
Шунингдек, унинг сўзларига кўра, ўтган йили 4,9 тонна кокаин ушлангандан сўнг, транспортировка Колумбиядан Венесуэлага кўчирилган. Унга кўра, Эркам Йилдирим шахсан ўзи янги маршрутни белгилашни ташкил қилган ва у икки маротаба Венесуэлага борган. Пекер томонидан видеода кўрсатилган даврда кичик Йилдирим ҳақиқатан ҳам Венесуэлада бўлган. Пеккернинг баёнотлари давомида, 1990 йилларда ўша давр ички ишлар вазири Меҳмет Агар 1978 йилда Туркия қуролли кучлари махсус операциялар бошқармасида махсус кучлар қўмондони бўлган Коркут Экен билан ҳамкорлик қилган ва 1982 йилда у махсус ўқитилган 40 кишилик қутқарув отрядига раҳбарлик қилган.
Тахминан бир йил олдин Туркияни тарк этишга мажбур бўлган жиноий гуруҳ раҳбари Туркия ҳукумати ва юқори мартабали давлат арбоблари давлатнинг мафияси ва тузилмалари билан алоқадорлигини даъво қилмоқда.
Бундай баёнотлар Президент Ражаб Эрдўған ва унинг партияси рейтингининг пасайишига сабаб бўлиши аниқ.
Пекер: “Вазият янада ёмонлашишига ишонаман. Ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу истеъфога чиқишга мажбур бўлади. Собиқ ички ишлар вазири Меҳмет Агар мамлакатни тарк этиши мумкин”. Барча экспертларнинг фикрича, миллионлаб изоҳлар қолдирилган ушбу баёнотлар Эрдоғаннинг обрўсига путур етказмоқда. Эрдўғаннинг яқин дўсти, собиқ бош вазир Йилдирим уни ҳимоя қилиш учун аллақачон баёнотлар берган. Пекер собиқ ички ишлар вазири Агарни Фатҳуллоҳ Гулен ташкилотига алоқадорликда айбланиб судланган ва озод қилинган Palmali Holding эгаси Мубариз Мансимов-Гурбаноғлига қарши фитна уюштиришда, шунингдек Мансимовдан “Яликавак Марина”ни тортиб олишда айбламоқда.

Пекер, шунингдек, Ички ишлар вазири Сойлу коррупцияга шерик бўлганини, у “тезкор гуруҳ” деб номлаган гуруҳ томонидан ҳукумат амалдорлари ва ишбилармонларга қарши “асоссиз текширувларни олиб боргани” билан изоҳламоқда. У бу ҳаракатлар учун Пекер ва унинг жамоасидан фойдаланганликларини тан олади. Пеккернинг видеолари ушбу “тизим”ни ичидан очиб бермоқда, дейилмоқда хабарда.
Пекернинг аввалги фаолияти тўғрисида иқрори орқали туркиянинг амалдаги ҳукуматида, мафиянинг сиёсийлашувини эмас балки, сиёсат мафия хусусиятларига эга бўлиб боришини кузатиш мумкин. Ҳукумат яратган “идеаллар” ёшларни “муқаддас давлат” манфаатлари учун ишлатган, бироз вақт ўтгач кераксиз матоҳдек улоқтирилиб юборилган. Ёшларнинг кучлари қуролга айлантирилиб, ўзларининг сиёсий ва молиявий мақсадларида фойдаланилган. Натижада, улар ўзларига ҳам, мамлакатга ҳам зарар етказдилар.