Доимгидек аҳоли, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган ногиронлиги бор ҳамда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёшларимизнинг давлат томонидан қўллаб-қуватланиши, ижтимоий таъминотининг яхшиланиши ҳамда бу соҳадаги ислоҳотларнинг самарадорлигини ошириш – бугунги кунда энг устувор йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда.
Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни муносиб таълим олиши, касб-ҳунарга йўналтириш учун шарт-шароитлар яратиш ва жамиятга ижтимоий мослашувини таъминлаш мақсадида олий таълим муассасаларида тўлов-шартнома асосида таҳсил олаётган чин етим, ота-онаси ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган ва Меҳрибонлик уйида тарбияланган талабалар учун “Ёшлар таълим гранти” лойиҳаси доирасида ўтган 4 йил давомида олий таълим муассасаларида тўлов-шартнома асосида таҳсил олаётган чин етим, ногирон, ота-онаси ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган ва “Меҳрибонлик уйи”да тарбияланган, боқувчисини йўқотган ижтимоий ҳимояга муҳтож 729 нафар талабаларнинг 2 млрд 100 млн сўмлик тўлов шартнома маблағлари тўлаб берилган.
Маълумот учун бугунги кунда республика миқёсида жами 16 та Меҳрибонлик уйлари ҳамда 4 та болалар шаҳарчаси фаолият олиб боради.
Таҳлилларга кўра, мазкур муассасаларда республика миқёсида
3 ёшдан 18 ёшгача бўлган 1870 нафар етим ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тарбияланмоқда.
Шундан 338 нафари (18%) чин етим болалар, 499 нафари (27%) ижтимоий етим болалар, 684 нафари (36%) ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинганларнинг фарзандлари, 184 нафари (10%) кам таъминланган оила фарзандлари, 69 нафари (4%) ногиронлиги бўлган шахсларнинг фарзандлари, 96 нафари (5%) озодликдан маҳрум қилинганлар фарзандларидир.
Ташкилот томонидан меҳрибонлик уйлари битирувчиларига давлат томонидан ажратилаётган барча имтиёз ва кафолатлар (уй-жой, иш билан таъминланиш, олий таълимга кириш квоталари) билан шаффоф ва адолатли равишда таъминланганлик даражасини мониторинг қилиш ва бу соҳадаги статистик рақамлар балансини реал ҳолатга келтириш мақсадида ягона электрон платформа ишлаб чиқилиб,мамлакатимиздаги 16 та меҳрибонлик уйи, 4 та болалар шаҳарчалари ҳамда 3 та SOS болалар маҳаллаларида истиқомат қилаётган тарбияланувчилар ҳамда васъийлик ва ҳомийликка олинган ёшлар, 86 та ногиронлик муассасаларида таҳсил олаётган ёшлар тўғрисидаги батасил маълумотлар “yoshlardaftari.uz” электрон платформасига юкланди.
Бундан ташқари уларни бандлиги ва уй-жой билан таъминланиши механизмлари ишлаб чиқилиб, “Ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2021 йил 11 мартдаги 132-сон ҳукумат қарори қабул қилинди.
Унга кўра “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчиларининг ҳайдовчилик курсларида ўқиш харажатлари ва сафарбарлик чақирув резерви хизмати бадали Давлат бюджети маблағлари (Ёшлар жамғармалари) ҳисобидан тўланади.
Ҳозирда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридаги меҳрибонлик уйи битирувчилари орасидан ҳайдовчилик курсларида ўқиш ва сафарбарлик чақирув резерви хизматига борувчи ёшлар рўйхати шакллантирилмоқда.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида “Ёшлар дафтари”га киритилган моддий аҳволи қийин ёшларга (чин етим, меҳрибонлик уйи, болалар шаҳарчаси, SOS болалар маҳаллалари ҳамда мурувват уйларида тарбияланган, боқувчисини йўқотган ҳамда ота-онаси ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларга) базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваригача бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш мақсадида янги тартиб ишлаб чиқилди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг
28 июль куни кам таъминланган оилалар ҳамда меҳрибонлик уйларида истиқомат қилувчи болаларни қўллаб-қувватлашга бағишланган видеоселектор йиғилишида қабул қилинган қарорлар, жумладан соҳада янги тизим жорий қилиниб, 16 та „Меҳрибонлик уйлари“ ва 4 та „Болалар шаҳарчалари“ Халқ таълими вазирлиги тизимидан Миллий гвардияга ўтказилиши маълум қилинди.
Жорий йилдан бошлаб Васийлик, ҳомийлик ва патронатга олинган болалар ҳам олийгоҳларга киришда Меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчалари битирувчилари учун ажратилган қўшимча квотадан фойдаланадилар (Меҳрибонлик уйларини тугатган етим болаларнинг 141 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга кирди. Шундан 94 нафари (67%) 2020 йил битирувчиларидир)
Меҳрибонлик уйлари битирувчиларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими янада такомиллаштирилиб, 18 ёшга тўлган уй-жойга муҳтож етим болаларга янги қурилган уй-жойлар бепул ажратилади.
Бунинг учун, 757 нафар болага уй-жой сотиб олишга жорий йилда бюджетдан 120 миллиард сўм йўналтирилади (2011-2020 йилларда Меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчасини тугатган ва уй-жойга муҳтож 1188 нафар битирувчидан 610 нафарига уй-жой берилган. 2021 йилги битирувчиларнинг уй-жойга муҳтож 139 нафарини ҳисобга олганда, жами 710 нафар Меҳрибонлик уйлари битирувчилари турар жойга муҳтож).
2021 йил 1 январь ҳолатига кўра Ўзбекистонда 760 минг нафар ногиронлиги бўлган шахслар истиқомат қилади, шундан 16-30 ёшгача бўлганлари 100250 нафарни ташкил қилади.
Бугунги кунда жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар таълимини ташкил этиш учун 86 та таълим муассасаси фаолият юритмоқда. Уларда 21.363 нафар ўқувчилар таълим олади.
Бундан ташқари 13868 нафар ногирон болалар уйда якка тартибда таълим олади.
Энди эса бу йўналишдаги Европа давлатлари тажрибасига назар ташланса.
Америка Қўшма Штатларида оила масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Шу сабаб у ерда меҳрибонлик уйларини учратиш қийин. Мамлакатда ота-оналари қаровисиз, етим қолган болаларни тарбиялаш масаласи билан шуғулланадиган махсус идора мавжуд. Болаларга ёрдам ва оила хизматлари Департаменти (Department of children and family services – DCFS) оиласидан ажралган болаларга қисқа муддатда тарбияловчи – “фостер оила” топиб беради. (Маълумот учун: бугунги кунда қарийб 428 минг нафар америкалик болалар “фостер” оилаларда истиқомат қилмоқда. Уларнинг орасида бир неча ойлик гўдакдан тортиб 18 ёшгача бўлган болалар бор)
Фостер оилаларда ўртача тарбияланиш вақти 1 йилдан ошиқроқни ташкил этиб, бу вақтга қадар болаларни асраб олганлар ота-оналик ҳуқуқини суд қарорига қадар қўлга киритишмайди. Оилада қолиш қарорини болалар қабул қилади, шунингдек асраб олган ота-она ҳам боланинг оилада қолиши бўйича ўз фикрини билдириш ҳуқуқига эга.
Аксарият ҳолларда болалар фостер оилаларидаги тарбияловчиларини кейинчалик ота-оналари сифатида қабул қилишади. Ҳукумат “фостер” оилалар учун барча шароитни (уй-жой ва моддий маблағни) яратиб беради.
Маълумот учун: Ҳар йили америкаликлар 135 мингга яқин болани асраб олишади. Улардан 26% бошқа давлатлардан, 59% “фостер оилалар” ҳамда 15% туғилганидаёқ онаси воз кечган болалардан (болаларга ёрдам ва оила хизматлари Департаменти ҳомиладорлик давридаёқ боласидан воз кечувчи аёллар рўйхатини юритади).
Германияда 1991 йилда қабул қилинган “Болаларга ва ёшларга ёрдам тўғрисида”ги Қонунда “Ҳар бир бола ва ўсмир ўз ҳёти учун масъулиятга ва жамиятга мослашиши учун кўмакка эга бўлиш ҳамда шахсиятини тарбиялаш ҳуқуқига эга” эканлиги қайд этилган. Германияда етим қолган болаларга нафақат давлат ташкилоти балки нодавлат ташкилотлар ҳам эътибор қаратади.
Германиядаги етим қолган болаларни тарбияловчи нодавлат ташкилотларнинг фаолият юритиши бу борада янги механизм ҳисобланади. Мисол учун, “Ёшлар бунёдкорлик ташкилоти” федерал ишчи уюшмаси ана шундай ташкилотлар сирасига киради. Бу каби ННТлар ҳукуматнинг доимий назоратида туради. ННТларни очишга қўйиладиган асосий талаблардан бири – унинг асосчиси бўлган шахс педагогик стажга эга бўлиши лозим.
Болаларни тарбия масканларига жойлаштириш фақатгина оилада қолишнинг ҳеч қандай имкониятлари бўлмасагина амалга ошади. Етим қолган болаларни тарбиялашнинг немисча усулларидан яна бири болалар шаҳарчалари тизимидир (Ўзбекистонда шу каби тизим SOS болалар маҳалласи шаклида йўлга қўйилган).
Буюк Британияда етим қолган болалар уйига вақтинчалик (respite care) ҳамда доимий (residential care) асосда жойлаштирилади. Бу оилада боланинг соғлом турмуш кечириши учун имкониятлар қолмаганда ёки оиладаги низолар бартараф этилгунга қадар қўлланилади. Бу қачонки ота-оналар болалар тарбияси билан шуғулланишга ожиз эканликлари ёки боланинг ҳаёти учун хавф юзага келган тақдирда маҳаллий бошқарув органлари масалага аралашади.
Болани тарбиялаш истагидаги бошқа қариндошлари топилмаса муқобил, кўнгилли оилалар қидириш бошланади. Суд болага уни асраб олувчи оила зарурлиги ҳақида қарор қабул қилса, янги оила излашга киришилади. Унгача болалар махсус болалар уйларида қолишади. Баъзан кўнгилли оилалар тезда топилади, баъзан болалар бу каби муассасаларда икки йилгача қолиб кетишади. Агар ижтимоий хизматлар боланинг ўз уйидаги аҳвол ижобий томонга ўзгарганини қайд этишса, улар ўз оилаларига қайтарилади.
Канадада қариялар уйларини меҳрибонлик уйлари билан бирлаштириш тажрибаси мавжуд. Экспертларнинг фикрига кўра, қариялар уйлари ва меҳрибонлик уйларини бирлаштириш тажрибаси, катта ва ёш авлодларда ёлғизлик туйғусини йўқолишига, боланинг ҳаёти, жамиятга ижтимоий мослашувига ижобий таъсир кўрсатади, уларнинг ҳаётидаги масъулият ва аҳамият хисси ошади.
Шифокорларнинг таъкидлашича, ушбу чоралар натижасида кексаларда барча ҳаётий функциялар яхшилангани қайд этилмоқда.
Умуман олганда қайси давлатда, қайси минтақада бўлмасин ота-оналарни ўз фарзандидан воз кечишдек қарорга келишига нима мажбур қилмоқда? Бундай афсусланарли қарорга келишга ҳаётнинг оғир шартлари, оиладаги аянчли ижтимоий-иқтисодий вазият, меҳнат миграцияси сабаб бўлиши мумкин. Аксарият ҳолатларда ота-оналар ўз фарзандлари учун муносиб шарт-шароит яратиб бера олмасалар, болалар уйларида уларга яхшироқ ғамхўрлик қилинади, деган мақсадда ўз фарзандларини истамаган ҳолда интернетларга топширадилар.
Таҳлилларга кўра, бугун бу каби муассасаларда республика миқёсида 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган 1870 нафар етим ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тарбияланмоқда.
Шундан 338 нафари (18%) чин етим болалар, 499 нафари (27%) ижтимоий етим болалар, 684 нафари (36%) ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинганларнинг фарзандлари, 184 нафари (10%) кам таъминланган оила фарзандлари, 69 нафари (4%) ногиронлиги бўлган шахсларнинг фарзандлари, 96 нафари (5%) озодликдан маҳрум қилинганлар фарзандларидир.
Юқоридаги рақамларга қараб туриб беиҳтиёр инсонпарварликнинг юксак намунасини кўрсатган Шомаҳмудовлар оиласини эсга олмасликнинг иложи йўқ. Давлатимиз томонидан берилаётган имтиёзлар ва кўрсатилаётган ғамхўрлик оиланинг ўрнини боса оладими? Миллатимизга хос бўлган урф-одат, анъана ва қадриятлар тўғрисидаги тушунчаларничи?
Биласизми бугун афсус билан тилга олишимиз керак бўлган бир аччиқ ҳақиқат бор, аксарият кам таъминланган оила ота-оналари ўз фарзандларини тирик етим қилиб, давлатимиз томонидан етим болаларга бериладиган имтиёз ва моддий афзалликларга эга бўлиш илинжида ўз фарзандларини муассасаларга жойлаштиришмоқда, буни қандлай тушуниш мумкин?
Шундай экан олдимизда турган энг асосий вазифа — етимлик оқибатлари билан курашиш эмас, балки унинг олдини олиш, ҳимояга муҳтож оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилаш ҳамда инклюзив (уйғунлашган) ривожланишга кўмаклашувчи механизмларни амалда жорий қилишдир.
Ўзбекистонда меҳрибонлик уйларини босқичма босқич ноинституционаллаштириш,муассасаларнинг фаолиятига барҳам бериб, уларни оилалар ва болалар шаҳарчалари кўринишида қайта ташкил қилиш;
Меҳрибонлик уйларини хориж тажрибаси асосида “ҳостел” ҳамда кичик оила ва болалар уйларига айлантириш тизимини йўлга қўйиш лозим;
Меҳрибонлик уйи ва болалар шаҳарчалари битирувчиларининг истеъдодини кашф этиш, уларнинг иқтидорини қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар чоракда бир маротабадан доимий равишда тадбиркорликка ўргатиш ва касб-ҳунарга ўқитиш орқали бандлигини таъминлашга қаратилган “Иқтидор” оромгоҳини ўтказиб бориш;
Муассаса тарбияланувчиларини лидерлик ҳамда ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ва волонтёрлик фаолияти билан шуғулланишлари учун меҳрибонлик уйларида “Волонтёрлик мактабларини” ташкил қилиш;
Кам таъминланган оилалар фарзандларини меҳрибонлик уйлари ва болалар шаҳарчаларига жойлаштиришда туман (шаҳар) ҳокимлари қарор чиқаришдан аввал халқ депутатлари маҳаллий кенгашининг хулосасини олиш.