Ўзбекистон ва Россия иқтисодиёти боғлиқлиги ҳақида

Ўзбекистон ва Россия пандемия давом этаётганига қарамай, ҳамкорлик суръатларини оширмоқда. Бу ҳақда 17 ноябрь куни Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги II минтақалараро ҳамкорлик форуми чоғида президент  Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

“Фаол ҳамкорлик туфайли, ҳатто пандемия шароитида ҳам ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини оширишга муваффақ бўлдик, жорий йил бу кўрсаткич 6 миллиард доллардан ошади”, — деди президент.

Инвестициялар

Россия Ўзбекистон иқтисодиётининг асосий сармоядорларидан бири ҳисобланади. Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, Россиянинг республика иқтисодиётига киритган сармоялари ҳажми 10 миллиард доллардан ошади.

Айни пайтда давлатлар 150 дан ортиқ қўшма лойиҳаларни амалга оширмоқда, уларнинг умумий қиймати қарийб 14 миллиард долларни ташкил этади, деди ўз навбатида Россия президенти Владимир Путин.

“Россия капитали иштирокида корхоналар сони сўнгги тўрт йил ичида 2,5 баробар кўпайиб, 2 мингдан ошди. Ўзбекистонда бўлиб ўтган йирик саноат ҳафталигида “Россиянинг 13 та ҳудуди иштирок этди, 130 миллион долларга яқин 21 та шартнома имзоланди”, деди у.

Жорий йилнинг 1 ноябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда хорижий капитал иштирокидаги корхоналар сони бўйича Россия Федерацияси етакчилик қилмоқда (2335 та компания). Россия инвестициялари республика иқтисодиётининг асосий тармоқларига: тоғ-металлургия, нефть ва газ, энергетика, қишлоқ хўжалигига йўналтирилган. Шундай қилиб, «Лукойл» ўзи Ўзбекистонда газни қидириш ва қазиб олишга қарийб 8 миллиард доллар сармоя киритган.

«Газпром» мамлакатда углеводородларни қидириш ва қазиб олишга сармоя киритмоқда: 2006 йилдан 2013 йилгача компания Устюртдаги геологик қидирув ишларига қарийб 383 миллион доллар сармоя киритган.

Бундан ташқари, Газпромбанк Ўзбекистонда углеводородларни қазиб олиш лойиҳасини молиялаштирмоқда. 2017-2021 йилларга мўлжалланган лойиҳанинг умумий қиймати 3,9 миллиард долларни ташкил этади.

Ташқи савдо

Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳам барқарор ўсиш суръати билан ажралиб туради. Аввалроқ, жорий йилнинг июнь ойида Россия бош вазири Михаил Мишустин 2020 йилда мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 15 фоизга ўсиб, қарийб 6 миллиард долларга етганини таъкидлаган эди.

“Жорий йилнинг дастлабки беш ойида иқтисодий ҳамкорлик ўсишда давом этди ва 15 фоизга ошди – бу тахминан 2,5 миллиард доллар дегани. Россия экспорти деярли 12 фоизга, Ўзбекистондан импорт эса 25 фоизга ўсган”, – деди Россия бош вазири.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистон Россияга жами 1,5 миллиард долларлик маҳсулот экспорт қилган. Россия Ўзбекистондан асосан тўқимачилик, пойабзал, озиқ-овқат маҳсулотлари, қишлоқ хўжалиги хомашёси, каучук, металл ва улардан тайёрланган бошқа маҳсулотлар харид қилади

Шу билан бирга, Ўзбекистон Россиядан 3,6 миллиард долларлик маҳсулот сотиб олди, булар машиналар, асбоб-ускуналар, ёғоч, кимё маҳсулотлари ва минерал маҳсулотлари кабилар.

Мигрантлар

Ўтган йили Ўзбекистонга меҳнат мигрантлари 6 миллиард доллардан ортиқ пул ўтказмаларини жўнатган.Евроосиё тараққиёт банки маълумотларига кўра, мигрантларнинг республикага пул ўтказмаларининг умумий оқими ЯИМнинг қарийб 12 фоизини ташкил этган. Пандемиягача 2018-2019 йилларда бу кўрсаткич 15 фоизни ташкил этган эди.

Айни пайтда Россия Марказий банки Россиядан қўшни давлатларга шахсий пул ўтказмалари бўйича статистик маълумотларни эълон қилди. 2021 йилнинг биринчи олти ойида МДҲ давлатларига жами 5,44 миллиард доллар жўнатилган. Бу маблағнинг деярли ярми Ўзбекистонга тўғри келади – 2 миллиард долларга яқин.