Ўзбекистонда шакар танқислиги мавжуд эмас (ми?)

Ўзбекистонда шакар ишлаб чиқариш ҳажми жорий йилнинг январь-май ойларида ўтган йил шу даврига нисбатан 35 минг тонна ёки 16 фоизга кўпроқни (224 минг тоннадан 259 минг тоннагача ошган), яъни таклиф ҳажми ошганлигига қарамай (биржа орқали сотилган ҳажм 177 минг тоннадан 186 минг тоннагача кўпайган) шакар нархи, асосан, ташқи омиллар таъсирида ўсиши кузатилган.

❗️ Ўзбекистонда шакар танқислиги мавжуд эмас ва ички бозорни йил якунига қадар шакар билан тўйинтириш бўйича барча захиралар яратилган.

Жумладан, шакарга бўлган талабнинг мавсумий ошиши шароитида (мева-сабзавотларни консервация қилиш мавсуми) нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида биржа савдоларига чиқариладиган шакар ҳажми жорий йил июнь ойидан бошлаб 50 фоизгача оширилади. Биржадаги савдоларга қўйилаётган шакар ҳажми амалдаги 2 000 тоннадан 3 000 тоннагача оширилади.

Шакар танқислиги бўлмайди, лекин нарх ошишини тўхтатиш анча қийин бўлади

Иқтисодий тараққиёт вазирлиги шакар нархи ўсиши сабабларига тўхталиб, асосий омиллар сифатида логистикадаги мураккабликлар ва ёқилғи нархларининг ўсишини кўрсатган. Шунингдек, асосий ишлаб чиқарувчи мамлакатларнинг экспорт билан боғлиқ чекловлари ҳам ўзининг салбий ўрнига эга бўлмоқда.

Вазирлик шакар ишлаб чиқариш ҳам, шакар таклифи ҳам доимий оширилиб боришига ишонтирмоқда.

Лекин назаримда шакар ишлаб чиқариш ва бозорга таклифнинг кўпайиши нархлар ўсишини бирдан тўхтатиб қололмайди. Бунга биринчи  сабаб, қўшни, асосий савдо ҳамкорларидан кўчиб келаётган инфляция бўлса, иккинчи сабаб юқори инфляцион кутилмалар. Айнан юқори инфляцияон кутилмалар аҳолида ҳам, бизнесда ҳам истеъмолдан ортиқ шакар жамғаришга ундайверади. Содда тилда айтганда, нормал вазиятда ойига 5 кило шакар ишлатадиган уй хўжалиги, нархлар ошиб бораётган шароитда ҳар эҳтимолга қарши яна қўшимча 5 кило шакар сотиб олишга ҳаракат қилади. Бунинг устига Ўзбекистонда жамғарилган шакар барибир ишлатиладиган мураббо мавсуми – июнь-август ойларига етиб келинди.

Шунинг учун, хулоса қилиш мумкинки, шакар ҳаммага етади, дефицит бўлмайди, лекин нарх ошишини тўхтатиш жуда қийин. Маъмурий йўл билан бунга уриниб кўрилса, тескари натижа, яъни сунъий дефицитлар ҳам пайдо бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳозир, айни кунларда нарх билан боғлиқ чекловларга, улар қанчалик жозибалик бўлмасин, қўл уриш керак эмас.