Президент Шавкат Мирзиеёв 13 май куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида эпидемиологик вазият туфайли чекловлар босқичма-босқич юмшатиб борилаётганига қарамай, ҳамон карантин тартиби амалда эканини таъкидлади.
“Такрор айтаман, юртимизда карантин тугагани йўқ. Лекин карантинни юмшатишга мажбурмиз — одамларни боқишимиз, иқтисодиётни тиклашимиз керак”, — деди Президент.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, “пандемияни жиловлашга жуда катта куч сарфлаяпмиз”.
“Бу борада анча қийин ва оғир йўлни босиб ўтдик. Оғир йўлни танлаганмиз. Лекин бу йўл ўзининг самарасини секин-секинлик билан беряпти. Бошқа йўл йўқ”, — деди у.
Шавкат Мирзиёевнинг алоҳида қайд этишича, “халқимиз карантин бошланган дастлабки кунлардаги ташвишли вазият яна қайтарилишини мутлақо истамайди”.
“Қайсидир вилоятда, ҳудудда, корхонада коронавирус аниқланса, дарров ёпилади, биз мажбур бўламиз. Лекин жиноий жавобгарлик билан ёпилади. Ўша ҳокимига ҳам, корхона раҳбарига ҳам — агар карантин нормаларига эътибор қилмаса”, — деди Президент.