Марказий Осиё тинчликпарвар кучлар Афғонистондан олиб чиқиб кетилгандан сўнг

Халқаро ҳаётнинг айни пайтдаги энг долзарб муаммоларидан бири АҚШ қуролли кучларининг Афғонистон Ислом Республикасидан (АИР) аста-секин олиб чиқиб кетила бошлаганидир. Ушбу воқеа минтақанинг Афғонистондаги 30 йилдан ошиқ давом этаётган можарога чек қўйишга интилиш сабаб бўлган инқирозли ривожланишидаги кулминацион нуқтадир, айни чоғда бу ҳол Марказий ва Жанубий Осиё (МЖО) минтақаси атрофидаги жуғрофий-сиёсий курашни кескинлаштирмоқда. “Кенгайтирилган учлик”нинг 18 мартда Москвада, 30 апрелда эса Қатарда бўлиб ўтган ҳамда Истанбулда АҚШ бошчилигида айни мавзуда ўтказилиши кутилаётган халқаро конференцияга тайёргарлик вақтига тўғри келган учрашувлари натижалари ўша тамойилларнинг инъикосидир. Тахмин сифатида шуни айтиш мумкинки, ушбу воқеалар жамланмаси Марказий Осиё (МО) минтақаси давлатлари чегарасида янги зўравонликлар тўлқини ва фуқаролар уруши авж олиб кетишига сабаб бўлади, энг яхши ҳолатда эса Афғонистондаги бошқарув тизимига кўплаб номаълум ва ўзгарувчан воситалар билан дахл қилади ва бу МО мамлакатларида алоҳида ташвиш уйғотади.

 Марказий Oсиё мамлакатлари

Қўшни мамлакат Афғонистон билан чегарадош бўлгани ва ушбу мамлакатдан келаётган муаммо ва хатарларга муносиб жавоб қайтариши қийин бўлган Марказий Осиё мамлакатлари у ерда барқарорлик ва тинчлик бўлишидан ҳаммадан кўра кўпроқ манфаатдордир. Улар учун Афғонистоннинг иқтисодий шерик, Ипак йўлининг ҳам Эрон (Чобаҳор), ҳам Покистон (Гвадар) маршрутлари доирасида жаҳон бозорларига чиқиш учун муқобил транзит ҳудуд сифатидаги мақоми ҳам жуда муҳимдир. Марказий Осиёнинг энг йирик савдо ва транзит ҳаби – маркази ва МЖОга электр қуввати етказиб берувчи минтақага айланиши, шунга кўра, минтақада ижтимоий-иқтисодий барқарорлик ва тараққиётга эришиши ушбу вазифаларни амалга ошириш билан боғлиқ экани ҳеч кимга сир эмас. Жараённинг энергетика билан боғлиқ қисми МО мамлакатларини Осиё ҳамда Озарбайжон ва Туркия орқали Европа бозорлари билан боғлашнинг потенциал имкониятлари ҳисобга олинса, катта аҳамиятга эга экани маълум бўлади, қолаверса, бу Америка ва Туркия муносабатларининг ҳозирги мақомига ҳам зид эмас. Умуман олганда, МО мамлакатларининг Афғонистондаги фаоллигини шу билан тушунтириш мумкин.

Шундай қилиб, Афғонистон билан Туркманистон 3 та қўшма инфратузилма объекти очилганини эълон қилди. Фойдаланишга топширилган объектлар сирасига 30 километрлик Ақина – Андхўй темирйўл тармоғи, Туркманистоннинг Керки шаҳридан Афғонистоннинг Шибирғон шаҳрига қадар тортилган электр қуввати узатиш линияси, Имомназар (Туркманистон) – Ақина (Афғонистон) ва Сарҳадобод (Туркманистон) – Турғунди (Афғонистон) йўналишлари бўйича ётқизилган оптик толали алоқа тизими киради. 2021 йил январида Озарбайжон билан Туркманистон “Дўстлик” конида табиий ёнилғи ресурсларини қидириб топиш ва ишга тушириш бўйича меморандум имзолади. Иккала томон ҳам Шарқий Ўрта ер денгизини Афғонистон билан боғлайдиган ва юкларни Еврососиё марказига етказиб беришни осонлаштирадиган “Лазурит коридори” транспорт артериясига муҳим аҳамият бермоқда.

Ушбу воқеалар силсиласида толиблар “қулфига калит” топишга ҳамда Карачи ва Гвадар бандаргоҳларидаги лойиҳаларни амалга ошириш орқали Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари интеграциясини тезлаштиришга қодир бўлган Покистон ва Ўзбекистон шериклигини мустаҳкамлаш муҳим тамойил ҳисобланади. Шунга кўра, ушбу шериклик Афғонистондаги вазиятни изга солишда ижобий рол ўйнаши мумкин. Жорий йилнинг 2 февралида Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон вакиллари музокара ўтказгани, унинг ортидан март ойи ўрталарида 16 кишидан иборат Ўзбекистон делегацияси “Ўзбекистон темир йўллари” компанияси раиси Акмал Камолов бошчилигида Karachi Port Trust (KPT) потенциалини ўрганиш учун Покистонга сафар қилгани тасодиф эмас.

Шу маънода Тошкентнинг толибларнинг Қатардаги офиси раҳбари мулла Абдулғани Биродар билан тил топишга ҳаракат қилаётгани диққатга сазовор, у Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга Афғонистон муаммоларига эътибор қаратаётгани учун миннатдорлик билдириб, ўзбек томонининг АИРдаги иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган ташаббусларини олқишлаган эди. Тахмин қилинишича, Афғонистон келгусида Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида “ишонч ва ҳамкорлик кўприги” бўлиши мумкин.

Яна шунга ҳам эътибор қаратиш зарурки, 2021 йил сентябрида қурилиши бошланиши мўлжалланган “Мозори Шариф – Кобул” темирйўли қурилишини АҚШнинг Халқаро тараққиёт бўйича молия корпорацияси маблағлари ҳисобидан молиялаштириш режалаштирилмоқда. АҚШнинг Афғонистон муаммосини ҳал қилиш бўйича махсус вакили Залмай Халилзод май ойи бошида Тошкентга сафари чоғида томонлар Афғонистондаги тинчлик жараёнини мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилган эди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Хитойнинг “Макон ва йўл” ташаббуси доирасида ҳам мулоқотини давом эттирмоқда ва ШҲТнинг Афғонистондаги вазиятни изга солиш бўйича гуруҳининг фаолиятини юқори баҳоламоқда. Айни чоқда жорий йил 30 мартида Душанбеда Истанбул жараёнининг бир бўлаги сифатида “Осиё юраги” деб номланган конференция бўлиб ўтди.

Юзага келаётган вазиятда аҳолиси зич жойлашган, мусулмон аҳолиси кўп ва Афғонистонга қўшни Ўзбекистоннинг сиёсати алоҳида аҳамиятга эга. Тавсифи келтирилган вазият Ўзбекистон ҳудудида чет мамлакатлар ҳарбий базалари ва объектларини жойлаштириш ва ўзбек қуролли кучларининг чет мамлакатлардаги тинчликпарварлик амалиётлари ва ҳарбий можароларда иштирок этишини истисно қилади. Ўша ҳарбий можаролар минтақадаги вазиятни беқарорлаштириши ва ҳозирги жуғрофий-сиёсий қарама-қаршилик кучайиши ва ундан келиб чиқадиган оқибатларга сабаб бўлиши мумкинлиги тушунарли. Ўз навбатида 2020 йил ёзидаёқ президент Қосим-Жўмарт Тўқаев “Қозоғистонда АҚШ ҳарбий базасини қуриш муҳокама қилинаётгани ҳам, кун тартибида тургани ҳам йўқ”, деб айтган эди. Марказий Осиёнинг айни мана шу икки йирик мамлакати бутун минтақанинг афзалликлари ва қайси томон йўналиш олишини объектив тарзда белгилаб беради.

Шундай қилиб, Марказий Осиё мамлакатлари ўз хавфсизлиги ва ривожланиши мақсадлари ва вазифаларини олға суриш йўлида дунёнинг етакчи давлатларидан тенг масофага узоқлашган ҳолда кўп векторли сиёсат олиб бормоқда.

Муаллиф: Гули Йўлдошева – Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясига қарашли Ўзбекистоннинг энг янги тарихи маркази илмий ходими; сиёсатшунослик фанлари доктори;