Шимолий Корея санкцияларни бекор қилишни талаб қилмоқда

CNBC телеканали  хабар беришича, Шимолий Корея АҚШ билан ядровий қуролсизланиш бўйича музокараларни қайта бошлашнинг шарти сифатида металлар, ёқилғи ва бошқа муҳим нарсаларни олиб киришни тақиқловчи халқаро санкцияларни бекор қилишни талаб қилмоқда.

Шунингдек, алкоголли ичимликлар ва кийимларни импорт қилиш учун ҳам санкцияларни юмшатишга чақирмоқда.

2021 йил апрелда КХДР раҳбари Ким Чен Ин ва Жанубий Корея президенти Мун Чже Ин ўзаро икки давлат ўртасидаги ишончни қайта тиклашга ва муносабатларни яхшилашга тайёр эканликларини билдирган эди. 27 июль куни эса Кимнинг ташаббуси билан бир йил олдин узилган алоқа линиялари қайта тикланди.

2020 йилда Шимолий Корея иқтисодиёти коронавирус пандемияси ва ёмон об-ҳаводан зарар кўрди, шу сабабдан, мамлакатда айни вақтда 1 миллион тоннага яқин гуручга эҳтиёж сезилмоқда.

Аввалроқ, Жанубий Корея ва Америка ҳарбий кучлари ўртасида ўтказилиши режалаштирилган йиллик ҳарбий машғулотлар икки Корея алоқаларини яхшилаш истиқболларига путур етказиши ҳақида Шимолий Корея етакчисининг синглиси Ким Ё Чжонг маълум қилган эди.

Ким Ё Чжонг: “Бир неча кундан бери мен Жанубий Корея армияси ва АҚШ кучларининг  қўшма ҳарбий машғулотлари ўтказилиши режалаштирилганлиги бўйича нохуш хабарларни кузатиб бормоқдаман. Мен бу тадбирларни ўтказилиши икки мамлакат ўртасидаги ишончни йўққа чиқаришидан хавотир олаяпман. Бизнинг ҳукумат ва армиямиз Жанубий Корея томони август ойида ўтказиладиган ҳарбий машғулотларни кузатиб боради”.

АҚШ дипломатияси Шимолий Кореяни иқтисодий ва сиёсий бонуслар эвазига ядровий дастуридан воз кечишга кўндиришга ҳозирча эриша олмади. 2020 йил июнь ойида Президент Доналд Трамп Пхенянга 2008 йилдан бери амалда қўлланилиб келинаётган санкцияларни узайтириш бўйича қарорни қабул қилган эди.