Толибон самолётлар қайтарилмаса, оқибатлар билан таҳдид қилди

Толибон Ўзбекистон ва Тожикистон расмийларини ушбу давлатларга олиб кетилган афғон самолётлари ва вертолётларини қайтаришга чақирди. Афғонистон муваққат ҳукумати мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Муҳаммад Ёқубнинг айтишича, агар мурожаат йўлланган давлатлар буни амалга оширмаса, “уларни буни оқибатлари кутмоқда”.

Афғонистон муваққат ҳукумати мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Муҳаммад Ёқуб Мужоҳид Мавлави Ўзбекистон ва Тожикистондан аввалроқ бу давлатларга олиб чиқиб кетилган ҳарбий самолётларни қайтаришни талаб қилди. Бу ҳақда у сешанба куни Кобулда ҳарбий-ҳаво кучлари машғулотларини вақтидаги маросимда маълум қилди, деб ёзади TOLOnews.

 Гап Толибон ҳокимиятга келганидан сўнг афғон ҳарбийлари қўшни давлатларга олиб қочган самолёт ва вертолётлар ҳақида кетмоқда.

Муҳаммад Ёқуб агар давлатлар ҳарбий техникани қайтариб бермаса, “уларни оқибатларга дуч келишлари” ҳақида огоҳлантирди. “Тожикистон ёки Ўзбекистондаги самолётларимиз қайтарилиши керак. Биз ушбу самолётларнинг хорижда қолишига ёки ушбу давлатлар томонидан фойдаланишига рухсат бермаймиз”, деди у.

Мамлакат Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, аввалги ҳукумат қулаганидан кейин қўшни мамлакатларга 40 дан ортиқ вертолёт олиб кетилган.

Маълум қилинишича, сешанба куни Россияда ишлаб чиқарилган, техник носозликлар туфайли фойдаланилмай қолган бир қанча вертолётлар таъмирланиб, намойиш қилинган. “Келажакдаги ҳаво кучларимиз ҳеч қайси давлатга боғлиқ бўлмайди”, деди мудофаа вазири вазифасини бажарувчи.

TOLOnews нашрининг аниқлик киритишича, Афғонистонда аввалги ҳукумат қулагунга қадар 164 та жанговар самолёт бўлган, ҳозирда атиги 81 та. Қолган техника бошқа давлатларга олиб чиқиб кетилган.

Январь ойи бошида Толибон ҳаракати матбуот котиби ўринбосари Иномуллоҳ Самангоний Афғонистон муваққат ҳукумати вакиллари Ўзбекистон ва Тожикистон билан авиация техникасини мамлакатга қайтариш бўйича музокаралар  бошлаганини айтган эди.