Пандемия давридаги энг ҳимоясиз қатлам бу муҳожирлардир

2009 йилдан 2018 йилгача  Марказий Осиёдан келган мигрантлар хориждаги пул жўнатиш тизимлари орқали Россиядан 141,4 миллиард долларни ватанларига жўнатишган. 

Пул жўнатмаларининг 30 фоизи Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади. Коронавирус пандемияси жаҳон инқирози катализаторига айланди, Собиқ иттифоқ давлатлари ҳудудидан Россияга иш излаб келган меҳнат муҳожирлари карантин чоралари жорий этилгандан сўнг жуда қийин вазиятга тушди. Россияда коронавирусга чалинганларнинг сони 326 минг кишидан ошиб кетди. 

Вирусдан касалланганлар ичида меҳнат муҳожирлари кам эмас. Улар орасида ўлим ҳолатлари ҳам бор. Россия ҳукумати мигрантларга патент расмийлаштириш, ишлашга рухсатномаларни узайтириш ва бошқа бюрократик муаммоларни ҳал қилишни енгиллаштирувчи қарор қабул қилганига қарамай муҳожирлар энг ҳимоясиз қатламга айланди.

Ишсиз ҳафталар ва ўзини изоляция қилиш режими туфайли, мигрантларнинг жамлаб қўйган пуллари тугамоқда, чегаралар ёпиқлиги сабаб эса ватанга қайтиш кўпчилик учун имконсиз.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳукумат пандемия вақтида муҳожирларга ҳужжатларни расмийлаштириш ва патент тўловлари бўйича имтиёзлар тақдим этаётганини айтиб ўтди.

“Меҳнат миграциясига ҳеч қандай чекловлар жорий қилмадик. Биз уйига юборилишини хоҳлаган одамларнинг ягона муҳожирлар гуруҳи бу – Россия Федерациясида бўлиш қоидаларини қўпол равишда бузганлар” – Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.

Россия мигрантлар Федерацияси ҳисоб-китобларига кўра, мамлакатдаги муҳожирларнинг 10 фоизи аллақачон тирикчиликсиз қолишган. Бу деярли ярим миллион киши – бу ўртача Россия минтақавий марказининг аҳолиси.  Бундан меҳнат муҳожирлари орасида криминоген ва эпидемик хавфнинг ўсишини тахмин қилиш мумкин.

39 минг муҳожир ватанга қайтарилди

Аввалроқ Президент матбуот хизмати коронавирус инфекциясига қарши кураш бўйича айрим рақамларни маълум қилган, улар орасида хориждаги ўзбекистонликларга алоқадор маълумотлар ҳам бор эди. 

“Ҳозирги кунгача хориждан 39 минг нафар юртдошларимизни олиб келдик. Ташқарида оғир аҳволда қолган яна 12 минг нафар фуқаромизга тегишли ёрдам кўрсатиб, уларни юртимизга олиб келиш чоралари кўрилмоқда” – дея иқтибос келтирилди Президент Шавкат Мирзиёевнинг сўзларидан.

Россияда карантин сабабли минглаб муҳожирлар танг вазиятда қолишган. Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ватанга қайтишни истаган муҳожирлар учун чартер рейсларга рўйхатга олиш ва жўнатиш ишларини ташкиллаштирган.

Аммо консуллик вакилларига кўра, ватанга қайтишни истаган “ҳаммани қайтаришнинг имкони йўқ”.

“Бугунгача 70 мингдан ортиқ ўзбекистонликлар рўйхатга ёзилишган, беморларнинг ўзи 5000 нафардан зиёд” – дейди Москвадаги консуллик ўринбосари Тоҳир Арипов элчихона ёнидаги мигрантлар билан учрашувда.

Номи совуқ 200 рақамли юк

Марказий Осиёдан келиб ишлаётган мигрантларнинг қанчаси Россияда пандемия даврида ҳалок бўлаётгани номаълум

Россияда мигрантлар камдан-кам ҳолатларда дафн этилади. Бунга бир неча сабаб ва омиллар бор. 

Биринчиси сабаб, марҳумларнинг оила аъзолари одатда киндик қони тўкилган жойда ётгани яхшироқ, деб ҳисоблайдилар. 

Иккинчи сабаб, Россияда ва айниқса, Москвада дафн қилиш нархлари ҳаддан зиёд юқори 

Мамлакатлар ўртасида авиация алоқаси тўхтаганидан бери уларнинг жасадларини ватанга етказишнинг иложи бўлмай қолди. Бу ҳам бир катта муаммога айланди.

Жамғарган пулларим бир ҳафтага етади, холос

Мигрантларнинг айтишича, бу вазиятда маблағ қолмаган, улар қаерга боришни билишмайди.

«Биз оғир аҳволдамиз, ейишга овқат, кийишга кийим йўқ. Бир хонада 25 киши яшаяпмиз. Бизни уйга қайтишимиз учун ҳеч ким ҳеч қандай чора кўрмаяпти. Ҳеч ким ёрдам бермаяпти, пулимиз тугади, ейишга овқатимиз йўқ, қорнимиз оч қолмоқда», дейди тожик муҳожирларидан бири.

«Жамғарган пулларим бир ҳафтага етади, холос. Бизнинг мигрантларимизда шундай одат бор: улар 30-40 минг рубль ишлаб топадиларда, патентга, ётадиган каравотига пулни тўлаб, еб-ичишга 3-4 мингини қолдирадилар ва қолганини уйларига жўнатадилар. Ҳозир иш йўқ, қандай ҳаёт кечиришимизни тасаввур ҳам қила олмаяпман», дейди ўзбек муҳожири.

«Квартирамнинг эгаси ҳам яхши аёл экан, олти йилдан бери унинг уйини ижарага олиб келаман, телефонда қўнғироқ қилиб, агар пулим йўқ бўлса, кейин тўлашим мумкинлигини ва умуман олганда, бу борада ташвиш қилмаслигим кераклигини айтди. Лекин бу қачонгача давом этади? Билмадим…» , дейди қирғизистонлик муҳожир.

Саховат

Москвада бир гуруҳ ўзбекистонликлар томонидан ташкил этилган “Саховат” ижтимоий ёрдам маркази СОВИД-19 пандемияси даврида 16 апрелдан бошлаб, Москва ва Москва вилоятида яшовчи оғир ҳаёт шароитларига тушиб қолган ўзбекистонлик фуқаролар ва уларнинг оила аъзоларига ёрдам бериб келмоқдалар.

Марказ ёрдами биринчи навбатда аёллар, ёш болали оилалар, кекса ёшли ва ногиронлиги бўлган ўзбекистонликларга кўрсатилиши маълум қилинган.

Халқаро эътибор

Халқаро Миграция Ташкилотига кўра, мигрантларнинг деярли барчаси ўз ишларини йўқотишган. Даромадларидан айрилишган. Уларнинг ярмидан кўпроғи яшаб турган жойларида ижара ҳаққини тўлашга имконсиз, ейиш-ичишдан қийналиб қолишган.

Халқаро ташкилот Марказий осиёлик меҳнат муҳожирларига зудлик билан $7 миллион доллар миқдорида пул ёрдами зарурлиги эътибор қаратди.

“Ўтган кризислардан биз муҳожирларнинг шафқатсиз эксплуатация қилинаётгани ва уларни давлат идораларига топшириш таҳдидига дуч келаётганликларини яхши биламиз. Ҳозирда миллионлаб одамлар зўрға амал-тақал қилишяпти. Биз уларни дастаклашимиз мумкин. Аммо бунинг учун ҳозирнинг ўзида ишга киришиш лозим”, – деб айтган ХМТ вакили.

П.С: Бугунги кунинг энг катта муаммоси бу қанча муҳожир ишсиз қолгани ёки қолиши мумкинлигини ҳеч ким аниқ билмаслиги.  Ким ёрдамга муҳтож ёки эртага кимга ёрдам керак бўлади… Ҳеч ким муҳожирларнинг қаерда яшаши ва ишлаётгани тўғрисида аниқ ҳисобни юритмайди.