Толибон ҳукми остидаги Aфғонистоннинг келажаги

Толибоннинг Aфғонистондаги кучи мустаҳкамланиб борар экан, кўпчиликни икки савол қизиқтиради:

Толибон шафқатсиз хатти-ҳаракатларини бас қилиб, мамлакатда тинчликни таъминлай оладими?

Толибон Aфғонистонда қандай ҳукумат шакллантиради ва унинг яқин қўшнилар ҳамда ташқи дунё билан алоқаси қандай бўлади?

Толибон ҳукми остидаги Aфғонистонни тасаввур қилиш учун албатта, келажакни башорат қилиш шарт эмас. Инсон Ҳуқуқлари Кузатуви ташкилотининг 2020 йилги ҳисоботига кўра, Толибон ҳукми остидаги Aфғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий ҳаёти ниҳоятда ачинарли эди: хотин-қизларнинг таълим олиши, одатда, таъқиқланган, ишлашга рухсат берилган ўқитувчиларга солиқ солинган, сўз эркинлиги йўқ, кўп ҳудудларда телевидение ва смартфон таъқиқланган, турли Толибон гуруҳлари ахлоқ нормаларини, эркак киши соқолининг узунлиги ва аёлларнинг паранжисини шафқатсизлик билан назорат қилган.

Бугунги кунга келиб, Толибон сиёсий жиҳатдан вазминликни мақсад қилган бўлса-да, унинг назорати остидаги баъзи ҳудудларда юқоридагига ўхшаш нохуш ҳолатлар яна кўзга ташлана бошлади. Бу, албатта, ҳаракат экстремистик мафкурани жорий этиш мақсадида эканини, аммо ташқи дунё бу ҳукуматни қабул қилиши учун мулойимликка интилаётган жангарилар гуруҳи бўлиб қолаётганини англатади. Бошқача айтганда, сиёсий бошқарув, қонун устуворлиги, иқтисодиётни бошқариш ва ижтимоий тараққиёт масалаларида мутлақо бефарқ, қобилиятсиз ушбу гуруҳ Aфғонистонни ўша шафқатсиз даврга қайтармаслик учун бирор ишончли далил келтирмади. Ҳали олдинда эски даврларнинг алами ва ҳокимиятда қудратни мустаҳкамлаш учун олинадиган қасослар турганини ҳисобга олсак, Толибоннинг ваҳший хатти-ҳаракатлари янада кучайишини англаш қийин эмас.

Aммо, 1995 йилдан 2021 йилгача Толибон сиёсий қобилият жиҳатидан анчагина етилганини ҳам унутмаслик керак. Ҳали Толибоннинг қудратни қандай мустаҳкамлаши ва қандай ҳокимият шакллантириши ҳақида бир нима дейиш қийин бўлса-да, мазкур давр давомида Толибон бундан кейин ҳокимиятда қолиши ва халқаро миқёсда тан олиниши учун баъзи шафқатсизликлардан вақтинча воз кечиши, қўшнилар билан ташқи савдо ва сармоявий алоқаларни йўлга қўйиши, шунингдек, ташқаридан келадиган катта миқдордаги ёрдамга муҳтож эканлигини аллақачон англаб етган.

Aфғон ҳукуматининг бутунлай қулаши ва Толибон ҳокимиятининг мустаҳкамланиши минтақадаги давлатларни Толибонни сиёсий куч сифатида расмий тан олиб, у билан бундан буён парда ортида эмас, балки очиқ сиёсий алоқалар ўрнатишга чорлайди.

Вақтинчалик алмашинув кўринишида бўлса-да, минтақадаги қўшни Эрон, Покистон, Россия, Хитой ва Марказий Осиё давлатлари ўз чегаралари хавфсизлигини таъминлаш, иқтисодий манфаатларни кўзлаш ҳамда қочқинлар оқимини чеклаш учун Толибон билан музокаралар олиб боришга мажбур бўлишади. Бу музокалар кейинчалик тинчлик ришталарига айланадими ёхуд уруш ё зиддиятга – буни, албатта, вақт кўрсатади.

Муаллиф: Бекзод Зокиров – сиёсатшунос, Токио университетининг докторанти